Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида бола учун муздеклик қиладиган маҳсулотларнинг пайдо бўлиши. Тўғридан-тўғри муздек маҳсулотларни истеъмол қилиш натижасида оғиз ва бурун бўшлиғи совқотади ҳамда иммунитетнинг пасайишига сабаб бўлади.
Узоқ вақт иссиқда бўлиш, чўмилиш, яъни атроф-муҳит ҳароратининг бирданига ўзгариши. Агар бола гўдаклигидан контраст душ ва қуёш ванналари билан чиниқтирилган бўлса, бу муаммога чап бериш осон.
Ҳаво ҳарорати ошгани туфайли намлик даражаси пасаяди, бу эса бурун ва оғиз бўшлиғини қуритади. Натижада, аллергияга мойиллик юзага келиб, оддийгина газланган сув ичгандан ҳам ангина безовта қилиши мумкин.
Даволамаса, нима бўлади?
Ангина бактериал инфекция сабаб юзага келгани учун вақтида антибиотик дорилар билан даволанмаса, қулоқ ва бурун бўшлиғида яллиғланиш юзага келиши ҳеч гап эмас. Даволанмаган ангинанинг асорати сифатида менингит касаллигини мисол келтириш мумкин. Шунингдек, инфекция тананинг бошқа аъзоларини ҳам зарарлаб, ревматик безгак, юрак ва қон-томирлари касалликларига сабаб бўлади. Бодомча безларида тўпланган йиринг нафас олганда ўпка соҳасига тушиб, бу аъзони ҳам зарарлайди. Шу сабаб, ангинадан кейин кўпгина болаларда пневмония билан оғриш кузатилади. Хасталик жиддий тус олганида эса буйракларда ўзгариш юз бериб, пиелонефрит билан касалланиш мумкин. Ангина билан оғриган болага ётоқ режими буюрилади. Қанчалик кам ҳаракат қилиб, кўп дам олса, соғайиши ҳам осон бўлади. Фарзандингизнинг овқатланиб, сув ичишини назоратга олинг. Чунки у томоқ оғриғини баҳона қилиб, овқатдан бош тортиши ҳам мумкин. Ҳолсизлик ва тана ҳарорати кўтарилгани боис организмга қувват керак, акс ҳолда сувсизланиш юзага келиш эҳтимоли бор. Яна кун давомида бир неча марта турли дамламалар, намокоб ёки шифокор буюрган бошқа дори воситаси билан чайиб туриш талаб этилади. Болакай ғар-ғара қилиб томоқ чайишнинг уддасидан чиқолмаса, бир маротабалик (игнасиз!) шприцга дорини тортиб, болани курси устига қўйилган тоғоранинг устига энгаштирган ҳолда томоғига дори юборилади. Болакай уни туфлаб ташлайди, оз миқдорда ютиб юборишининг эса зарари йўқ. Ангина безовта қилаётган вақтда микроблар кўпаймаслиги учун боланинг қўлларини тез-тез ювиб туринг. Бемор учун алоҳида идишлардан фойдаланган маъқул ва уларни дамба-дам қайнатиб туриш тавсия этилади. Чунки бола соғайишни бошлаган бўлса-да, 48 соат давомида микробларга мойиллиги сақланиб қолади.