Цистит. Жинсий ҳаётни бошлаган жуфтликларни кўп ҳолларда цистит касаллиги безовта қилади. Бу коитус пайтида нотаниш микрофлоранинг олиб кирилиши, жинсий аъзолардаги баъзи нуқталарга таъсир кўрсатилиши натижасида келиб чиқади. Бу ҳолат янги турмушга чиққан қизларнинг кўпчилигида юз беради. Бу кичик ҳожатга чиққанда ачишиш, пешобдан бўшанмаганлик ҳисси билан кечади. Агар шундай ҳолат кузатилса, албатта шифокорга мурожаат қилинг. Бир ҳафта давомида олиб борилган муолажа сизни бу хасталикдан осонгина фориғ қилади. TORCH- инфекциялар. Булар жинсий йўл билан юқувчи инфекциялардир. Хламидий, микоплазма, уреаплазма, герпес инфекциялари, папиллома вируслари турли яллиғланиш жараёнларини чақириб, аёл репродуктив тизими, пешоб чиқариш йўлларида асоратли ҳолатларни келтириб чиқаради. Ушбу инфекциялар туфайли баъзан бепуштлик ҳолатлари келиб чиқиши, ҳомиладорликнинг нормал кечишига салбий таъсир кўрсатиши, ҳомилага ҳам юқиши мумкин. Қиндан нохуш ажралмалар кела бошласа, қорин пастида сабабсиз оғриқлар кузатилаверса, албатта махсус таҳлиллар топшириб, инфекцияларни аниқлаш лозим. Уларга микробиологик экишлар, полимер занжирли реакция усуллари (ПЦР) киради. Бунинг учун бачадон бўйнидан суртма ҳамда венадан қон топширилади. Мабодо бирор инфекция борлиги аниқланса, вирус ва бактерияларга қарши дори воситалари ёки лазер муолажаси тайинланиши мумкин. Вагинизм. Жуда кам бўлса-да, баъзи аёлларда вагинизм деб номланган неврологик ҳолат учраши мумкин. У асосан вульва, қиннинг яллиғланиш асорати ёки неврологик касаллик сифатида юзага келади. Вагинизм жинсий яқинлик ёки гинекологик кўрик вақтида қин, оралиқ, тос чуқурлиги ва бўкса мушакларининг тортишиб- қисқариб оғриқ бериши билан намоён бўлади. Вагинизм одатда руҳий бузилишлардан ташқари кичик тос соҳасидаги айрим касалликлар туфайли ҳам пайдо бўлиши мумкин. Агар руҳий бузилиш бўлса, уни психотерапевт мутахассис ёрдамида жиддий даволаш лозим. Кичик тос соҳалари касалликларига эса яллиғланишга қарши терапия ўтказишнинг ўзи кифоя.