Главная » 2017»May»30 » Балиқ – невроз, инсульт ва жинсий заифликка даво!
12:17
Балиқ – невроз, инсульт ва жинсий заифликка даво!
Ўзида витамин, минераллар, айниқса, темир, йод, магний, фосфор, руҳни сақлаган бу жонзот гўштини кўп ва хўб енг, сабаби балиқ одамни семиртирмай, организмга керакли қувватни бера олади. Балиқни болаларга ҳафтада 2 марта тайёрлаб берсангиз, рахит, кариес, соч тўкилиши, буқоқ дардларидан асрайсиз. Шўрвага солиб, буви-буваларнинг олдига қўйсангиз, дуо олишингиз аниқ: балиқ юракни созлаб, қон босимини меъёрда ушлайди, қарабсизки, кексаларнинг хотираси панд бермайди, кайфияти чоғ юради. Балиқни турмуш ўртоғингизга “тоблама” шаклида ялтироқ қоғозга ўраб, газ печида пишириб беришдан эринманг. Қалбида хушнудлик пайдо бўлади, соғлиғи тикланади. Нега дейсизми, ахир унда эркаклар саломатлиги учун ниҳоятда зарур омега оқсиллари мужассам. Ўзингиз ҳам онда-сонда эмас, ҳар ҳафта балиқ есангиз, юқоридаги хизмат, катталарга кўрсатган ҳимматингиз учун умрингиз узоқ бўлади.
ҚАНДАЙ ТАЙЁРЛАГАН МАЪҚУЛ? Одатда, дарё балиғини қовуриб истеъмол қиламиз. Аммо бунда юрак ва томирларга қанча зарар боришини биласизми? Бу кўринишда балиқ нафсни сийлагани қолади. Организмга фойда бериши учун бугундан бошлаб балиқни зираворлар қўшиб қайнатма шўрвага солиб, ёки газ печида пишириб, котлет тайёрлаб ейишга ўрганинг. Аммо қовурма балиққа кўнгил кетаверса, зайтун мойида енгил қовуриб, димлаб қўйган маъқул, витамин-минераллари сақланиб, танга дармон бўлади.
МОЙИ-ЧИ?! Куз-қиш мавсумида бу дармондорини овқат пайти ёки ундан кейин, бир ёшли болага 1 чой қошиқдан, мактаб ёшидаги болалар эса кунига бир маҳал бир ош қошиқдан қабул қилиши мумкин. Ҳозирда балиқ мойи фойдаланишга қулай капсула кўринишида ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Шиша идишдаги ва капсуладаги мойнинг таркиби бир хил. Балиқ мойини тўхтовсиз 4 ҳафта қабул қилиб, кейин орада икки ҳафта танаффус қилинади. Чунки балиқ ўзида шунча дармондори сақлаш баробарида одам соғлиғи учун зарарли симоб каби моддаларни ҳам йиғиб бориши мумкин. Шунинг учун, балиқ ёки унинг мойини узлуксиз бир ой еб, кейин бироз дам олиш керак. Шу тариқа болалар ва кексаларга уни сентябрь ойидан май ойига қадар бериб боришингиз мумкин.
КИМЛАРГА МУМКИН ЭМАС? Аллергик хасталиклар, даражаси юқори бўлган одамларга, буйраги тез-тез оғрийдиган беморларга, ўпка силида балиқ унчалик тавсия этилмайди.
ҚАЙ БИРИ ЭНГ ФОЙДАЛИ? Бизда асосан дарё балиғи истеъмолда бўлгани учун — зоғорабалиқ (сазан), илонбалиқ, лаққабалиқ, олабуға, чўртанбалиқ, бакра, палтус, товонбалиқ гўштини ейиш тавсия этилади. Айниқса, юрак-қон томир касалликлари, инсультдан кейинги давр, қонда холестерин даражаси кўтарилганда, камқонлик, суяк синишлари, беҳоллик ва жисмоний зўриқишда, невроз, жинсий заифликда, буқоқ, тери касалликлари (айниқса тери қуруқлашиб, пўст ташлаганда), подагра ва ревматизмда, кўриш қобилияти пасайганда бу жонзотнинг гўшти кони фойдадир. Денгиз балиғини эса консерва ёки маринадланган, тузланган ёки дудланган кўринишдаги истеъмоли организмга унча фойда қилмаслигини уқтирмоқчимиз.