Агар икки хатарлик ёки бир хатарлик ишни қилишга тўғри келгудек бўлса, икковидан баробар қутулиш чораси топилмагач, бир хатарини ихтиёр этмоқ керак *** Бир ишга киришмай туриб, ундан қутулиб чиқиш йўлларини мўлжаллаб қўй. *** Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасинлар. Агар бирор ишни қилмасликка сўз берар эканлар, яқинига ҳам йўламасинлар. Хотирдан чиқмасинким, Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди. *** Юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин. *** Уламо билан суҳбатда бўл ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпин. Буларнинг ҳимматларидан улуш тиланиб, муборак нафаслари билан дуо-фотиҳа беришларини илтимос қил. *** Ҳар кимнинг қадр-қимматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак. *** Ақлли душман жоҳилу нодон дўстдан яхшироқ. *** Чин дўст улдирки, дўстидан ҳеч қачон ранжимайди, агар ранжиса ҳам, узрини қабул қилади. *** Чораси бўлмаган ишга киришма, чунки ундан қутулиб бўлмайди. *** Бир кунлик адолат— юз кунлик тоат-ибодатдан афзал. *** Бир кун келадики, золим ўз бармоқларини тишлайди. *** Ёзилган нарса авлодлар хотирасида қилинган ишдан ҳам узоқроқ яшайди. *** Бўридан қўрққан ўрмонга кирмайди. *** Вақт ўтгандан кейин қиличингни тошга чоп *** Ваҳима— душманнинг йўлдоши. *** Душманнинг кулгани— сирингни билгани. *** Душмандан қўрқма, мунофиқдан қўрқ. *** Емсиз от довон ошолмайди. *** Номуссиз ҳаётдан, номусли ўлим яхши. *** Олтмишга кирган отадан ош сўрама. *** От минган отасини унутади. *** Оғзингга қон тўлса ҳам душман олдида тупурма *** Қилич ўткир бўлса-да ўз сопини кесмагай. *** Сўзлагувчи гар нодон эрур, тинглагувчи доно ўлсин. *** Той минган— от ҳам минади. *** Туя минган одам қўй орасига бекинмас. *** Кечира олишлик— мардлик, кечира билмаслик номардлик саналади. *** Қонни қон билан эмас, сув билан ювишни ўрган. *** Энг баланд минора ҳам ердан кўтарилгай. *** Яхши ит ўз ўлигин кўрсатмагай. *** Яхши одам юрт тузар, ёмон одам юрт бузар. ***